Ер
Бу бизнинг дунёмиз. Иссиқ, қадрдон маскан. Евпаториядаги дунёнинг энг қудратли радио телескопларидан юборилган сигнал бу ердан ўз сафарини бошлайди. Фазо шундоқ ёнгинамиздан бошланади. Қандайдир бор-йўғи 100 километр баландликда. Машинада бир соатлик йўл. Пастда яъни Ерда, ҳаёт қизғин давом этади, миллиардлаб одамлар ўзаро муносабат қилишади, биржа савдолари тўхтамайди, телесериллар намойиш этилади, одамлар туғиладилар, яшайдилар ва ўладилар. Инсон фаолияти, айниқса сўнгги 100 йил ичида Ер юзини таниб бўлмайдиган даражада ўзгартирди. Бу ҳам табиатнинг бир қисми. Бундай ўзгариш назорат қилиниши ва мувофиқлашган бўлиши керак. Шундагина биз ўз уйимизни сақлаб қоламиз.
Ой
1,25 сониядан сўнг сигнал Ой орбитасига етиб боради. Таниш, хавфсиз жой. Ой ҳар доим бизни ўзининг ташқи қиёфаси ва мавжудлиги ҳақиқати билан ҳайратга солиб келган. Ҳозирда Ойнинг келиб чиқиши тўғрисида учта ҳукмрон гипотеза мавжуд: Ер ва Ой бир протопланетар булутдан биргаликда ҳосил бўлган бўлиши, аллақачон шаклланган Ой Ер томонидан "тутиб олинган" бўлиши, Ой Ернинг бошқа осмон жисми билан улкан тўқнашувини натижасида ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин, сўнгги гипотеза эса Ой пайдо бўлишининг энг эҳтимолли сабаби ҳисобланади. Бундан ташқари, илгари Ер атрофида бир неча ой бўлган ва кейинчалик улар бир шаклга бирлашган, яна эса Ой марказдан қочирувчи куч таъсирида Ердан магматик қуйқа шаклида ажралиб чиққан бўлиши мумкин деган тахминлар ҳам мавжуд.
Марс
Сигнал Марс орбитаси узра учиб ўтади. Асрлар давомида биз бошқа сайёраларга қараганда тасаввуримизни кўпроқ эгаллайдиган Марсда ҳаёт изларини изладик. Бир неча юз йиллар олдин Марсда одамлар яшайди деб ишонишган. Миллиард йиллар олдин, афтидан, у ерда ҳаёт жараёнлари, сувли юза бор эди. Энди бу улкан қолдиқлар макони. НАСАнинг "Кьюриосити" деб номланган марсда юрадиган қурилмаси сайёра юзасида фақат қуриган кўлларни топди, бу билан у ўтмишда Марда сув бўлганини исбот қилди. Бундан ташқари, "Марс-экспресс" сайёралараро станциясида ўрнатилган Marsis радарининг маълумотлари сайёра юзасида сувли кўл бўлиши мумкинлигини
тахмин қилмоқда.
Астероидлар белбоғи
15 дақиқадан сал кўпроқ вақт ўтгач, сигнал астероидлар белбоғига этиб борди. Эҳтимол, белбоғ - бу асосан Юпитернинг тортиш кучи таъсири туфайли шакллана олмаган сайёра бўлиши мумкин. Астероидлар шуниси билан қизиқки, космосни янада забт этиш жараёнида уларнинг саноат томонлама ўзлаштирилиши шунчаки зарур бўлади. Уларнинг жинслари таркибидаги минераллар темир, никел ва титан манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин. Баъзи бир астероидлар ўз таркибида ҳаётни таъминлаш учун зарур сув ва кислород, шунингдек ёқилғининг асосий турларидан бири водород олинадиган сувли минералларни ўз ичига олади. Айни пайтда Ерга яқин бўлган ва ҳисоб-китобларга кўра таркибида 300 миллиарддан 5,4 триллион долларгача платина борлиги тахмин қилинаётган 2011 UW/158 астероиди энг катта қизиқиш уйғотмоқда.
Церера
Астероидлар белбоғига киргандан тахминан 7 дақиқа ўтгач, сигнал
Церера орбитасига етиб боради. Бу митти сайёра, аммо бир мунча вақт Церера тўлақонли сайёра деб ҳисобланган. Диаметри тахминан 950 км бўлган Церера астероидлар камаридаги энг катта ва энг массив жисм бўлиб, у ўлчамларига кўра улкан сайёраларнинг кўплаб йирик сунъий йўлдошларидан каттароқ ва камар умумий массасининг деярли учдан бир қисмини ўз ичига олади. Церера зичлигига қараб, унинг учдан бир қисми сувли муздан иборатлигини хулоса қилиш мумкин. 2014 йил январь ойида “Гершель” инфрақизил телескопи ёрдамида Церера атрофида сув буғлари булутлари топилган ҳақида хабар берилган эди. Шундай қилиб, Церера Қуёш тизимидаги сувнинг фаоллиги қайд этилган тўртинчи жисмга айланди (Ер, Энцелада ва эҳтимол Европадан кейин).
Юпитер
Сигнал газ гиганти Юпитер орбитаси устидан учиб ўтади. У асосан водород ва гелийдан иборат бўлиб, қаттиқ юзага эга эмас. Юпитернинг тузилиши борасида энг тан олинган модель унинг атмосфера, металл водород қатламидан ва тошли ядродан иборат эканлигини кўрсатади. Энг сирли нарса бу Юпитернинг Қуёшдан олганидан кўра кўпроқ энергия чиқаришидир. Астрономлар, бу сайёранинг ўз тортишиш кучи таъсири остида аста-секин қисқариши билан боғлиқ деб тахмин қилишмоқда. Сайёранинг зич атмосферасида бўронлар 600 км/с дан ортиқ тезликда авжига олади. Шунингдек, Қуёш тизимининг ташқи қисмига йўл олган космик кемалар Юпитердан "трамплин" сифатида фойдаланишади. Сайёра яқинидаги гравитацияли манёвр тезликни сезиларли даражада оширишга ва кўзланган манзилга парвоз вақтини қисқартиришга имкон беради.
Сатурн
Ушбу сайёра кўпинча орзуларимизда пайдо бўлади.
Сатурн - Қуёш тизими тожидаги марварид. Бу улкан газ шари, аммо шунчалар енгилки, у сув устида сузиб юриши мумкин. Сатурн халқа билан ўраб олинган деб тахмин қилган биринчи одам Христиан Гюйгенс эди. Сайёранинг машҳур ҳалқалари, эҳтимол, сайёранинг парчаланиб кетган йўлдошининг қолдиқлари бўлиши мумкин. Вайронагарчилик билан яратилган беқиёс гўзаллик. Белбоғ қанд кубикчалари ўлчамидан тортиб уй катталигигача бўлган ўлчамдаги миллиардлаб муз парчаларидан иборат. Халқалар миллионлаб километрларга чўзилганига қарамай, уларнинг қалинлиги атиги 10 метрдан ошмайди. Сатурннинг энг машҳур жойларидан бири бу сайёранинг шимолий қутби юқорисидаги олти бурчакли гирдоб – гексагон ҳисобланади. Ҳеч ким ушбу ҳодисанинг моҳиятини очиқ-ойдин тушунмайди. Сигнал Сатурннинг орбитаси устидан учиб ўтади ва шу масофадан бошлаб биз Ер билан визуаль алоқани йўқотишни бошлаймиз.
Уран
Сигнал Уран яъни муз гигантининг орбитал масофасида. Одамлар бу сайёрани уни кашф этган Уильям Гершелдан олдин ҳам кузатишган, лекин одатда уни юлдуз деб билишган. Ураннинг 80% гача қисми суюқликлардан иборат бўлиб, сайёранинг марказида қаттиқ ядро жойлашган. Уран юзасида вақти-вақти билан Шимолий Америка қитъаси катталигидаги майдонни қамраб оладиган деярли 900 км/соат тезликдаги даҳшатли бўронлар жунбушга келади. Номаълум сабабларга кўра Уран ўз ўқи атрофида "ёнбошлаб ётган ҳолда" айланади, чунки унинг ўқи 99 градусга қийшайган. Уран атмосфераси маълум атмосфералар ичидаги энг совуғи, унинг ҳарорати -224 даража Цельсийга тенг.
Уран — Қуёш тизимидаги энг кам ўрганилган сайёра.
Нептун
Сигнал Қуёш тизимидаги энг узоқ сайёра бўлган Нептуннинг орбитал масофасига етиб борди.
Нептун Уран орбитасидаги ўзгаришлар туфайли математик ҳисоб-китоблар орқали топилган биринчи сайёра бўлди. Нептун атмосфераси асосан гелий ва водород бирикмаларидан иборат бўлиб, унда Қуёш тизимидаги энг кучли шамоллар эсади, уларнинг тезлиги соатига 2400 км га етади, яъни Ураннинг ғазабланган атмосферасига қараганда кўпроқ. Ерда шамолларни қуёш бошқаради, лекин Нептун қуёшдан ўта узоқ. Ушбу шиддатли шамолни бошқа бир нарса қўзғатиши керак, аммо ҳеч ким аниқ нима эканлигини билмайди.
Плутон
2006 йилдан буён Плутон "тоза орбита" деб атадиган орбитанинг йўқлиги сабабли сайёра ҳисобланмайди. Шунга қарамай, Қуёш тизимининг ушбу "пакана сайёраси" тадқиқот учун жуда қизиқ. Плутон, кўплаб кометалар сингари, тахминан ярим тош ва муздан иборат. Агар у Қуёшга янада яқинлаша оладиган бўлса, у ҳолда унинг думи "ўсади" ва у кометага айланади. Плутонда Қуёшдан узоқлашганда музлайдиган атмосфера мавжуд, аммо Плутон Қуёшга яқинлашганда, атмосфера буғлана бошлайди ва яна сирт устида газ ҳосил қилади. Муайян вақтларда
Плутон орбитасининг ўзига хос хусусиятлари туфайли Қуёшга Нептундан кўра кўпроқ яқинлашиши мумкин. Аввалроқ, у Плутон ёлғиз ва унинг ортида ҳеч нарса йўқдек туюларди, лекин бугунги кунда транс-нептун йўлдош объектлар сони 3 мингдан ортиқни ташкил қилади.
Койпер белбоғи
Айни пайтда сигнал
Койпер белбоғи орқали учиб ўтмоқда. Бу Нептундан ташқарида бошланадиган ва минглаб объектларни ўз ичига олган минтақадир. Биз Койпер белбоғининг ташқи четида нима содир бўлаётганини ёки қаерда эканлигини билмаймиз, аммо унинг жуда узоқдалигини биламиз. Койпер белбоғи Қуёш тизимининг келиб чиқиши ва динамикасини тушунишга катта таъсир кўрсатди. Бунгача Қуёш тизими соатга ўхшар яъни Қуёш атрофида эркин, барқарор, башорат қилинадиган ва ҳатто зерикарли тарзда айланиб юрадиган сайёралар тўплами эди. Койпер белбоғи ва айниқса, сайёраларни кўчиб юришга мажбур қиладиган резонансли объектлар топилганидан сўнг, манзара бутунлай ўзгарди. Бизнинг қуёш тизимимиз энди биз уни олдин тасаввур қилган ўша батартиб моделга мувофиқ келмай қолди.
Эрида
Сигнал ўз йўлини Койпер белбоғидан давом эттириб, митти сайёра - Эрида орбитасига етиб боради. 2006 йилгача Эрида ҳисоб бўйича ўнинчи тўлақонли сайёра мақомини олиш имкониятига эга эди. Аммо Плутон оддий сайёралардан митти сайёраларга таснифлангандан сўнг, у бу имкониятдан маҳрум бўлди. Унинг юзаси доимо метан қорлари билан қопланганлиги сабабли, Эрида деярли 96% нурларни қайтарадики, бу уни тунги осмондаги энг ёрқин объектлардан бирига айлантиради. Қизиғи шундаки, кашф этилгандан сўнг, астрономлар архив фотосуратларини ўрганишди ва уларнинг кўпчилигида Эридани топдилар. Маълум бўлишича, агар улар айнан қаерга қарашни билсалар эди, уни 1954 йилда топишлари мумкин эди.
Гелиопауза
Сигнал гелиосфера чегарасигача етиб боради ва Қуёш тизимини тарк этади. Бу қуёш шамоли юлдузлараро материя билан тўқнашадиган ва узил-кесил тўхтайдиган чегара. Юлдузлараро муҳитни Қуёш тизими материясидан ажратиб турадиган бу чегара гелиопауза деб аталади. Шакли бўйича, у Қуёш ҳаракатига қарама-қарши йўналишда чўзилган пуфакка ўхшайди. Ушбу минтақа қайноқ водород билан тўлдирилган ва водород девори деб аталади. Шу лаҳзадан бошлаб сигнал юлдузлараро фазога чиқади.
Вояжер-1
Бизнинг сигналимиз инсон қўли билан ясалган биринчи аппарат босиб ўтган масофага тенг масофани босиб ўтди. Вояжер-1, инсон томонидан яратилган энг тез объект, 62 минг км/соат ортиқ тезликка эришди ва 2013 йил сентябрь ойида гелиосферани тарк этиб, расман қуёш тизимидан юлдузлараро фазога чиқди. Ушбу робот 1977 йилда ишга туширилган ва парвоз пайтида жуда кўп тадқиқотлар олиб борган ва космонавтика тарихидаги энг муваффақиятли лойиҳалардан бирига айланган. Ернинг энг узоқдан олинган “Pale blue dot” деган фотосурат бўйича рекорд унга тегишли ва бу сурат Ердан 6 миллиард километрдан зиёд узоқликдаги ҳайратланарли масофадан олинган. Вояжер-1 ни узоқ, балки чексиз келажак кутиб турибди. Миллион йиллардан сўнг, агар у бирор жисм билан тўқнашмаса, бошқа юлдузларгача учиб боради.
9-сайёра
Сигнал Плутон орбитасидан нарида, Койпер белбоғида жойлашган сирли сайёрага етиб борди. Бу сайёрани ҳали ҳеч ким кўрмаган. Астрономлар унинг мавжудлигини фақат миллиардлаб йиллар давомида ривожланган кичик сайёралар орбиталарининг статистик аномалияларига асосланиб тахмин қилишади. Унинг келиб чиқиши ҳақида бир қанча гипотезалар мавжуд, шу жумладан Тўққизинчи сайёра - Юпитер томонидан Қуёш тизими шаклланишининг бошида суриб чиқарилган, янги пайдо бўлган газ гигантининг ядроси. Бошқа бир фаразга кўра, Тўққизинчи сайёра 4-5 сантиметр катталикдаги ва бешта Ер массасига эга қора туйнукдан бошқа нарса эмас. Яқин йилларда Гавайидаги расадхонада Япониянинг “Субару” телескопи ёрдамида сирли сайёрани фаол қидириш ишлари олиб борилади.
Седна
Сигнал эскимосларнинг денгиз ҳайвонлари маъбудаси номи билан аталган транс-нептун объекти Седнанинг орбитал оралиғига етиб келди. Седна жуда чўзилган орбитага эга ва, узоқ муддатли кометаларни истисно этганда, Қуёш тизимидаги энг узоқ маълум объектлардан биридир. Седнанинг юзаси толиннинг юқори миқдори туфайли Қуёш тизимидаги энг қизғиш объектлардан бири ҳисобланади. Ушбу объект рассомнинг тасаввурида қанчалик ажойиб кўринишини
кўринг.
Оорт булути
Бир ярим йилдан сўнг сигнал фаразий Оорт булути чегарасидан ташқарига чиқади. Оорт булути тахминан 4,6 миллиард йил олдин Қуёш атрофида ҳосил бўлган ва асосан музли нарсалардан ташкил топган бошланғич протопланетар дискнинг қолдиғи деб ишонилади. Умуман олганда, турли хил ҳисоб-китобларга кўра, Оорт булутида радиуси 1 километр ва ундан ортиқ бўлган бир неча юз миллиарддан бир неча триллионгача объектлар мавжуд. Биз булутни кузата олмаймиз, лекин Оорт булути объектларини узоқ муддатли кометалар кўринишида (орбитал даври 200 йилдан ортиқ) Қуёшга нисбатан яқинроқ ўтиш пайтида кузатишимиз мумкин. Вояжер-1 300 йил ичида Оорт булутига этиб бориши керак ва ундан ўтиб кетиш учун яна 30 000 йил керак бўлади.
Эридан Эпсилони
Ўз мўлжали йўлида сигнал энг яқин юлдузлардан бири, Эридан юлдуз туркумидаги К2 юлдузигача бўлган масофани босиб ўтади. Ушбу
юлдуз атрофида бизнинг Қуёшимиздан Койпер Белбоғигача бўлган яқин масофада қолдиқ дисклар топилди. Астрономлар Доплер ўлчовларини ушбу юлдуз атрофида айланиб юрадиган сайёра мавжуд бўлишидан келиб чиқиши мумкин бўлган чанг ҳалқалари тўпламлари борлиги сифатида изоҳладилар. Телескопларга кўра, юлдуз Юпитерга ўхшаш сайёрага эга.
GJ 436b
Сигнал Арслон юлдуз туркумида жойлашган қизил митти юлдуз
Gliese 436 юлдузининг экзопланетаси атрофидан учиб ўтади. Олимлар сайёра асосан сувдан иборат эканлигини аниқладилар. Сув тахминан 300 даража Цельсий ҳароратда ва юқори босимда ("иссиқ муз ") қаттиқ ҳолатда турибди. Бу сайёранинг жуда қизиқарли хусусияти унинг деярли қутбли орбитасидир яъни сайёра деярли юлдузнинг қутблари устидан учиб ўтади, бу камдан-кам учрайдиган ҳодиса.
Денебола
Сигнал энди Денебола юлдузига яқин жойда, юлдуз номи арабчадан таржима қилинганда "шернинг думи" деган маънони англатади. Бу ёши 400 миллион йилдан кам деб тахмин қилинган А спектрал синфига тегишли нисбатан ёш юлдуздир. Денебола IC 2391 ўта зич тўдасининг бир қисмидир. Интерферометрия ёрдамида аниқланган юлдуз радиуси Қуёш радиусидан тахминан 1,73 марта катта. Юлдуз атрофида қолдиқли совуқ диск бўлиши мумкин, бу Денеболани экзопланеталарни излаш учун яхши номзодга айлантиради.
Регул
Сигнал Арслон юлдуз туркумидаги биринчи катталикдаги энг ёрқин ва тунги осмондаги энг порлоқ юлдузлардан бири бўлган Регулга бевосита яқин жойда. Регул Қуёшдан тўрт марта каттароқ ва B7 V/K1-2 V/M5 V спектрал синфига эга, бу ёш юлдуз, унинг ёши атиги бир неча юз миллион йилга тенг. У жуда тез айланади, айланиш даври атиги 15,9 соатни ташкил қилади, бу эса унинг шаклини жуда япасқи ва ошқовоққа ўхшатиб қўяди. Ташқи томондан Регул, гарчи аслида бу тўрт юлдузли тизим бўлса ҳам, битта юлдузга ўхшайди.
K2-18b
Хабар ўз якуний манзилига етиб борди. K2-18 (EPIC 201912552) юлдузи хира қизил митти юлдуз ҳисобланади. Бу оддий кўз билан кўринмайди. Телескоп орқали уни Арслон буржининг ғарбий қисмида, Вольф 359 юлдузи ёнида кўриш мумкин. Юлдуз атрофида камида иккита сайёра айланади. Улардан бири,
K2-18b, бизнинг хабаримизнинг якуний манзили. Қизиқ, у сирт томондан қандай кўринади? У ерда онгли ҳаёт борми? Олис, йўқолган дунё шунчалик улканки, у бизнинг тушунчамиздан ташқарига чиқиб кетади.